«Юэчжи ва Қанғларнинг археологик аниқланиши»

ЎзР ФА Ўзбекистон тарихи давлат музейида  2019 йил 22 феврал куни 2013 йилда  ЎзР ФА Археология тадқиқотлари институти ва Хитой Шимолий-Ғарбий институти билан ҳамкорликда олиб борилган ўзбек-хитой экспедицияси қазишмалари натижаларига оид ноёб археологик материалларнинг намойишига бағишланган кўргазма очилди. Кўргазма Хитой худудларидан юэчжи қабилаларининг  мил.ав.1– мил.1 асрларда Ўрта Осиёга кўчиб келиш жараёни ва улар қолдирган маданий мерос ҳақида маълумот беради.

Кўргазмада тадқиқ қилинган 11 та қабрлардан топилган буюмлар: металлдан ясалган қурол-яроғлар, кулолчилик идишлари, қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлардан ясалган тақинчоқлар ҳамда олтиндан ясалган заргарлик буюмлари бор.

  Бундан ташқари кўргазмада ўзбек-хитой экспедициясининг яна бир қазишмалари – 94 та турли қабрлардан топилган буюмлар ҳам намойиш этилган. Бу қабрлардан марҳумларнинг ҳаётлик даврида фойдаланган турли меҳнат ва ов қуроллари, тошлардан ясалган тақинчоқлар, заргарлик буюмлари, кулолчилик маҳсулотлари топилган.

Ушбу қабрлардан топилган топилмаларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, топилмалар Миср, Юнонистон, Кичик Осиё, Шарқий Осиёдан келтирилганлиги аниқланган. Бу эса ушбу ҳудудда яшаган аҳоли юқорида тилга олинган давлатлар билан иқтисодий ва маданий алоқада бўлганлигини кўрсатади.

Ноёб археологик топилмаларни кўришга ташриф буюринг ва Сиз бу билан ўзингизнинг тарихий билимларингизни бойитинг!