“БУХОРОГА ҚАЙТИШ: Тан сулоласи ҳукмронлиги даврига оид генерал Ан Пу ва унинг рафиқаси қабридан топилган тарихий-маданий мерос”

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ўзбекистон тарихи давлат музейида 2019 йил 20 июнда “БУХОРОГА ҚАЙТИШ: Тан сулоласи ҳукмронлиги даврига оид генерал Ан Пу ва унинг рафиқаси қабридан топилган тарихий-маданий мерос” номли кўргазма очилди. Бу топилмалар Танг сулоласи давридаги Даньюнь туманининг бош қўмондони генерали Ан Пу ва унинг рафиқаси қабридан топилган. Кўргазма Хитойнинг Лоян музейи билан ташкил этилди.

Бу ердан олтин рим тангалари, хайкалчалар, сопол ва металл буюмлар топилган. Бироқ, ўзининг ажойиб тайёрланиш услуби билан сопол ҳайкаллар, қабр-қўриқчи – жониворлар ва бошқа сопол намуналарининг колорити жуда катта қизиқиш уйғотади.

Топилган маълумотларга кўра, Ан Пу Бухоро вилояти Сўғдиёна шаҳридан. Маълум бўлишича, Ан Пу милодий тахминан 600 йилда туғилган.  Ўрта асрларнинг бошларида Хитойда унинг авлодлари  Ань Цзинцан, Хуэй Пу, Цзи Са номлари билан аталишган.

Ўз даврида Ан Пу Хитойга келгач,  бешинчи даражали давлат амалдори этиб тайинланган, сўнг Тан сулоласи чегарасини қўриқлаш учун жўнатилган. У Танг сулоласи қўшинларининг харбий юришларида иштирок этган Жангларда жасурлиги ва матонати билан бир неча бор ғалаба қозониб, Динюан ҳудудининг бош қўмондони этиб тайинланган.

Ан Пу қабрининг очилиши Тан Хитойи ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро тарихий муносабатларнинг мавжуд бўлганлигига ёрқин исбот бўла олади.

Кўргазмага ташриф буюриб, Сиз уч хил тусдаги Хитой сополи санъатининг ноёб асарлари билан танишасиз!