ЎзР ФА Ўзбекистон тарихи давлат музейи филиали Тошкент музейида “Тошкент манзаралари: кеча ва бугун” номли кўргазма ҳақида

        2020 йил 10 декабрь куни  Ўзбекистон тарихи давлат музейи филиали Тошкент музейида “Тошкент манзаралари: кеча ва бугун” номли кўргазма очилди. Кўргазма Ўзбекистон кинофото ҳужжатлари миллий архиви, Тошкент фтосуратлар уйи, Республика дизайн мактаби билан ҳамкорликда ташкилаштирилди. Кўргазмада 100 га яқин Тошкент шаҳрига тегишли фотолар намойиш этилмоқда.

Тошкент – сиёсий-маъмурий, иқтисодий, илмий-маданий марказ, туташ транспорт майдони сифатида эътироф этилади. Унинг бой, қадимий тарихи 2200 йилга тенг.

Тошкент азалдан халқаро форумлар, фестиваллар ва давлат раҳбарлари учрашадиган маскан ҳисобланади. Тошкент иқтисодида энергетика, металлга ишлов бериш, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, енгил ва озиқ-овқат саноати етакчилик қилади. Тошкент темир йўл магистраллари ва авиа йўналишлар  чорраҳаларида жойлашган.

Пойтахтда кўплаб театрлар, консерватория, музейлар, кўргазма ва концерт заллари, кутубхоналар,  фаолият юритади. Мустақиллик йилларида  халқнинг маънавий-диний қадриятларини ўрганиш, уларни кенг тарғиб этиш мақсадида алоҳида эътибор қаратилди. Марказий Осиё ислом оламининг энг қутлуғ қадамжоларидан бири ҳисобланмиш, Ҳазрати Имом мажмуаси тўлиқлигича реконструкция қилинди. Шунингдек, шаҳардаги кўплаб меъморий иншоотлар: Кўкалдош мадрасаси (XVI аср), XIII-XIX асрларга оид  Шайх Зайниддин Бобо, Хўжа Аламбардор, Юнусхон, Шайх Хованди Тохур, Сузук ота мақбаралари ва  Абулқосим  мадрасалари тўлиқлигича таъмирдан чиқарилди. 1999 йилда Тошкент Ислом университети ташкил этилди, ҳозирда бу илмий даргоҳ Халқаро ислом академияси дея эътироф этилмоқда. 2007 йилда Юнесконинг илм-фан ва маданият соҳалари бўйича халқаро ислом ташкилоти Тошкент шаҳрини ислом маданияти пойтахти деб номлади.

Мустақиллик йилларида Тошкент шаҳрининг қадимги – Эски шаҳар қисмини қайта яратиш юзасидан кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Ижтимоий-маданий аҳамиятга доир, шаҳарсозлик ва меъморчиликнинг энг юқори талабларига жавоб берадиган  турар-жой мажмуалари, кўприклар, йўллар, маҳалла гузарлари барпо этилди. Алишер Навоий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек каби аждодларимиз хотираларига бағишлаб ҳайкаллар бунёд этилди.

Ўзбекистон пойтахти – Тошкент кўҳна ва навқирон шаҳар сифатида доимо жаҳон эътиборидадир.